АЛЛОХИМ
Юрагимни кемирётган армонлар кўп
Ажалим тилаб юрган ёмонлар кўп
Бу дунёда ёлғончи кўп ёлғонлар кўп
Арш Султони ёлвораман тингла охим
Икки дунё саодатин бер Аллохим
Гох юзим дўст олдида қаро бўлди
Юрак бағрим дард зарбидан яро бўлди
Душманим нафс ўз бошимга бало бўлди
Сендан ўзга йўқ суянчим йўқ панохим
Икки дунё саодатин бер Аллохим
Шайтон қўймас кечгин дейди ибодатдан
Қўрқма дейди хам Худо хам қиёматдан
Асраб мени дўзахингу хиёнатдан
Ювиб юбор бор хатойим бор гунохим
Икки дунё саодатин бер Аллохим
Қанийди мен бир қалдирғоч бўлсам агар
Ўйламасдим на имтихон надир хатар
Имонимдан айирмасин бойлигу зар
Тавба қилдим ўтинчимга Сен гувохим
Икки дунё саодатин бер Аллохим
Етти олам Муаллифи кечир мени
Ёмонларнинг қаторидан ўчир мени
Ўз уйингга яқин жойга кўчир мени
Сажда қилсам юрагимдан кетсин доғим
Икки дунё саодатин бер Аллохим
Гох яқинлар тузлиғимга тупурдилар
Ғанимларим кўппакдайин қутурдилар
Улар хатто тухмат қилиб улгурдилар
Ўзингдурсан Олампанох Ўзинг Шохим
Икки дунё саодатин бер Аллохим
Шак келтирмам мўжизангу қудратингга
Чексиз шукур менга қилган химматингга
Лойиқ кўргин розилигу Жаннатингга
Мева берсин мен кетгач хам савоб боғим
Икки дунё саодатин бер Аллохим
Химмат қилгин бир кун Каъбанг тавоф қилай
Пайғамбаринг қабрин зиёратин айлай
Лаа илаха иллаллохни айтиб ўлай
Шод айлагин бу дунёдан кетар чоғим
Икки дунё саодатин бер Аллохим