🌹Қиз фарзандга яхшилик қилиш🌹
Оиша розияллоҳу анҳодан: «Бир бечора аёл икки қизчасини кўтариб ҳузуримга келди. Мен аёлга учта хурмо бердим. У қизларига биттадан хурмо берди, ўзи учинчисини емоқчи бўлиб энди оғзига олиб борган эди, қизлари унга яна қўл чўзишди. Шунда аёл ўзи емоқчи бўлиб турган учинчи хурмони иккига бўлиб уларга берди. Мен аёлнинг қилган ишидан жуда ажабландим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келганларида бу воқеани айтиб бердим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло аёлга ана шу иши сабабли жаннатни вожиб қилди ёки уни дўзахдан қутқарди»,- дедилар. Бошқа бир ривоятда: «Ким мана шу қизлар билан имтиҳон қилинса (синалса), бас, уларга яхшилик қилса, улар у учун дўзахдан парда бўладилар», дедилар. Бухорий ва Муслим ривояти. (Одатда қиз фарзанд ўғилга нисбатан унчалик суюкли бўлмагани учун ҳадисда қизларга нисбатан "имтиҳон қилинса, балоланса" калималари истеъмол қилинган ва уларга яхшилик қилишнинг ажри ҳам баён қилинган).
📌Ҳадисдан олинадиган сабоқлар
1) Оиша розияллоҳу анҳо раҳм-шафқатли ва эҳсон қилишни яхши кўрадиган аёл эдилар. Бошқа бир ривоятда уйида фақатгина бир дона хурмо бўлгани ва уни ўзига қолдирмай бечора аёлга илиниб бергани зикр қилинади. Бир сафар Муовия розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳога юз минг дирҳам жўнатди. Оиша розияллоҳу анҳо уни қўлига ҳам олмасдан туриб мискину муҳтожларга тарқатиб юбордилар.
2) Фарзандларга -хусусан қизларга- яхши муомалада бўлмоқ фазилатли амалдир. Баъзилар қиз туғилса, хафа бўладилар. Бу нотўғри. Аллоҳ таоло қиз туғилишини ёмон кўрган жоҳилият аҳлини қоралади:
«Қачон бировларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазабга тўлиб, юзлари қорайиб кетар. Ва У (қизни) хўрлаган ҳолида олиб қолиш ёки (тириклай) тупроқка қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хабар берилган нарсанинг (яъни қизнинг), ёмонлигидан (номус қилиб) одамлардан яшириниб олур. Огоҳ бўлингизким, (улар бу қилмишлари билан) энг ёмон (яъни ноҳақ) ҳукм чиқарурлар». (Наҳл: 58, 59)
Восила ибн Асқаъ деди: «Аллоҳ таолонинг аёл зикрини эркакдан олдин келтириши аёлларнинг баракотли ва бахтли эканига далолат қилади:
«У Ўзи хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни ҳадя этур». (Шўро: 49)
«Абу Ҳамза деган киши бир аёлга уйланади. Аёлдан қиз туғилади. Бунга Абу Ҳамзанинг жаҳли чиқиб, уйдан чиқиб кетади. Орадан бир йил ўтгач аёлининг уйи ёнидан ўтиб кетаётиб аёлининг қизига айтаётган хиргойисини эшитиб қолади.
«Абу Ҳамзага нима бўлди, бизникига келмайди, унга ўғил туғиб бермаганимиз учун ғазаб қилиб қўшни уйда яшайди. Ахир бизда ихтиёр йўқ-ку. Биз Аллоҳ нимани берса, шуни оламиз. Бизнинг мисол ер кабидир. Экилган нарсани ўстирамиз, холос». Буни эшитган, Абу Ҳамзанинг оталик меҳри тутиб кетди. Уйга кириб, қизининг ҳам, хотинининг ҳам пешонасидан ўпди.
3) Баъзи ота-оналарнинг ўғилни афзал кўришларига сабаб, ўғил бола қиздан кўра фойдалироқ деб ўйлайдилар. ҳар доим ҳам шунака бўлавермайди. Баъзан ўғил боладан кўра қиз боланинг ота-онага яхшилиги кўп бўлади.
«Ота-оналарингиз ва фарзандларингиз қайси бири сизга фойдаси тегувчироқ эканини билмайсиз».
(Нисо: 11)
Исломдан олдин арабларда қизларга адолатсизлик билан муомала қилинарди. Ислом қизларни ҳурмат қилишга тарғиб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким икки қизни балоғатга етгунга қадар қарамоғига олса, қиёмат куни мен ва у мана бундай деб икки бармоқларини бирлаштирдилар».
Муслим ривояти.
Қизларга қилинган энг катта яхшилик - уларни иффатли, пок ва хаёли қилиб тарбиялаш, уларга солиҳ куёвларни танлашдир. Жаннат ваъдаси ана шундай ота-оналаргадир.