Кўзим ёшга тўлса тўлсин йўлингда,
Умрим неки бўлса бўлсин йўлингда.
Айтарим бир сўз бор қотган дилимда:
Кўнглимни ишқинг-ла тўлдириб қўйгин,
Онамни Қиёматда кулдириб қўйгин!
Отамни Қиёматда кулдириб қўйгин!
Гуноҳим чўғлари ҳамон бўғзимда,
Шаҳват малайлари изғир кўзимда,
Бир ростлик қолмади айтсам сўзимда,
Нафсим қопқонини синдириб қўйгин-
Онамни Қиёматда кулдириб қўйгин!
Отамни Қиёматда кулдириб қўйгин!
Бошимда ғуж-ғуж ғам, оҳ, фикринг қани?
Неъматинг чексизу лек, шукринг қани?
Тун куним ғафлатда борми бир маъни?
Дилимни зикринга кўндириб қўйгин-
Онамни Қиёматда кулдириб қўйгин!
Отамни Қиёматда кулдириб қўйгин!
Алдандим, адашдим йўлим йўқолди,
Илтижо этгувчи қўлим йўқолди,
Юрагим тубинда мангу сўз қолди:
Ўзимга Ўзингни билдириб қўйгин-
Онамни Қиёматда кулдириб қўйгин!
Отамни Қиёматда кулдириб қўйгин!
Сурнинг даҳшатидан тўзди оломон,
Жаҳаннам ҳайбати тутди, воҳ, ёмон,
Умидим ўшанда қилганча омон,
Жаннатинг томонга жилдириб қўйгин-
Онамни Қиёматда кулдириб кўйгин!
Отамни Қиёматда кулдириб қўйгин!